Ўзбекистонда иқтисодиёт тармоқларида ишлаётганлар ОТМга суҳбат асосида қабул қилинади
Иқтисодиёт тармоқларида ишлаётган фуқаролар суҳбат асосида ОТМга ўқишга қабул қилиниши маълум бўлди.
Маълум қилинишича, ҳукумат қарори билан Иқтисодиёт тармоқларида камида беш йиллик стажига эга бўлган фуқароларни сиртқи ва кечки таълим шаклига суҳбат натижаларига кўра ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Низомга кўра, камида 5 йиллик стажига эга фуқароларга суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга кириши учун тавсиянома берувчи вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмалари рўйхати ҳар йили 1 июлгача тасдиқланиб, ОАВда эълон қилинади.
Қайд этилишича, вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмалари ҳар бир ўқув йили учун марказий ва ҳудудий тузилма ҳамда тизим ташкилотларидан 100 нафаргача талабгорга тавсиянома бериши мумкин. Тегишли тавсияномага эга фуқаролар ҳар йили 20 июлдан 10 августгача Давлат тест марказининг махсус электрон тизими орқали рўйхатдан ўтказилади. Суҳбат жараёни ҳар йили 20 августдан 30 августгача бўлган муддатда ташкил этилади.
Натижаларга кўра 100 баллик баҳолаш мезонида 55 балл ва ундан юқори балл тўплаган абитуриентлар ОТМ ректори (директори) буйруғи билан табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилади. Тавсияномалар фақатгина берилган ўқув йили учун амал қилади.
Таъкидланишича, низом олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига, Ўзбекистондаги хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларига ҳамда уларнинг филиалларига нисбатан татбиқ этилмайди. Мазкур тартиб 2022 йил 1 майдан кучга киради.