Ўзбекистонда жигар кўчириб ўтказиш нархи қанча?
Ўзбекистонда жигар трансплантацияси нархи 18–20 минг долларга (192–214 миллион сўм атрофида) тўғри келиши маълум бўлди.
Маълум бўлишича, айни пайтда республикада 5 минг нафар бемор жигар циррозидан азият чекяпти. Улардан 500 нафари жигар трансплантациясига муҳтож. Шу кунгача Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган Хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида 10 нафар беморга жигар кўчириб ўтказилган.
«Бундай ноёб операция учун Ҳиндистонда ўртача 45 минг доллар маблағ талаб қилинади. Россияда эса янаям қимматроқ — 70 минг доллар атрофида. Беларусь давлатида жигар трансплантациясини ўтказмоқчи бўлганлар қарийб 165 минг доллар тўлаши керак. Энг юқори нарх АҚШда — тахминан 200 минг доллар. Бизда эса бу турдаги операцияни ўтказишга сарфланадиган сарф-харажатлар донор ва бемор учун ўрта ҳисобда 18–20 минг долларга тўғри келиши ўрганилган. Аммо буни янлиш тушунмаслик керак. Гап шундаки, мамлакатимизда жигар циррози билан касалланган юртдошларимизни ордер тизими асосида даволаш йўлга қўйилган. Бу ҳолатда фақат донор операцияси, яъни жигарнинг бир бўлагини олиш учун беморнинг оиласи томонидан маълум миқдорда маблағ тўланади, холос», — дейди марказ директори Саидмурод Исмоилов.
Унинг маълум қилишича, юрак ва ўпка етишмовчилиги терминал босқичидаги беморлар орасида ҳам трансплантация амалиётига муҳтожлар кўп. Бироқ бундай операциялар баҳоси Россияда 100 минг, Беларусда 200 минг, АҚШда 250 минг доллар атрофида. Ўзбекистонда эса нарх кўрсаткичи океанорти мамлакатига нисбатан қарийб 10 баравар арзон. Таъкидланишича, бугунга келиб мамлакатда йилига ўртача 750 мингта жарроҳлик амалиёти бажарилади. Уларнинг 24 мингтаси республика тасарруфидаги клиникаларда, 550 мингтаси вилоятлар марказида, 170 мингтаси эса туман миқёсида ўтказилмоқда.
«Соҳадаги ислоҳотлар натижасида имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам ошиб бормоқда. Биргина марказимизнинг ўзида йилига қилинаётган жарроҳлик амалиётлари сони ўртача 6,5 мингта, операциялар тури 350 та, шунингдек, вилоят марказларида 130 та, туман шифохоналарида эса 60 тага етди. Келгусида туманлараро марказларда қилинадиган жарроҳлик амалиёти турини 79 тага, вилоят даражасида эса 168 тагача етказиш режалаштирилмоқда», — дейди марказ раҳбари.
Шунингдек, аорта-коронар шунтлаш операцияси ҳам мураккаб кардиохирургик амалиёт ҳисобланади. Бундай операция учун Россия ва Ҳиндистонда 8 мингдан 18 минг долларгача тўлов қилиш зарур. Европа давлатларида эса 20–30 минг доллар талаб қилинади. АҚШда 40–50 минг доллардан арзонга тушмайди. Ўзбекистонда эса юрак соҳасидаги мураккаб операциялар учун кўпи билан 3-4 минг доллар тўлов қилинади.