Ҳафта давомида ёмғир ёғиши ва ҳарорат пасайиши кутилмоқда
Ўзгидромет ҳафта давомида кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.
Унга кўра, 6 май, душанба куни Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларининг айрим жойларида ва Фарғона водийсининг баъзи жойларида куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 23-28 даража атрофида бўлади.
Сешанба ва чоршанба кунлари республиканинг ғарбий ҳудудларига нам ҳавонинг яна бир қисми кириб келиши бошланади. 7—8 майда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида, 8 майда Бухоро, Навоий вилоятларининг баъзи жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади. Республиканинг қолган ҳудудларида 7—8 май кунлари қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ушбу кунларда ҳаво ҳарорати 30-33 даражагача кўтарилади.
9—10 май кунлари нам ҳаво массалари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалади. Аксар вилоятларда ёмғир ёғади, баъзи жойларда момақалдироқ бўлади. Фақат 9 майда Фарғона водийсида, 10 майда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ёмғир ёғиши кутилмайди. Бу кунларда ҳаво ҳарорати пасаяди ва 10 майга келиб 20-25 даражагача бўлади.
Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7-12 метр/секунд тезликда эсади, баъзи жойларда 15-20 метр/секундгача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилади.
Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 6 майда куннинг иккинчи ярмида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. 7—8 майда ёғингарчилик кутилмайди. 9—10 майда вақти-вақти билан ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади. Момақалдироқ бўлиши мумкин.
Баланд тоғларда (2000 метрдан юқорида) 10 май куни ёмғир қорга айланиши эҳтимоли бор. Қор кўчиш хавфи сақланиб туради.
Тошкентда 6 майда куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат 26-28 даража бўлади. 7—8 май кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат 30-33 даражагача кўтарилади.
9 майда куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат 30-32 даража бўлади. 10 майда вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат 22-25 даражагача пасаяди.