Тожикистонда 13 кишининг номаълум қотили ҳамон озодликда экани айтилмоқда
Тожикистоннинг Сўғд вилояти Конибодом шаҳрида, жумладан, Санжидзорда тўрт оиланинг 13 аъзоси ўлдирилган,– дея хабар беради «Asia plus».
Март ойи охирида Шариповлар оиласининг беш нафар аъзоси, жумладан, икки нафар вояга этмаган набиралари Конибодoмда ўлдирилган эди.
Расмийлар дастлаб 65 ёшли эркак хотини, келини ва икки набирасини ўлдириб, сўнгра ўз жонига қасд қилганини айтган эди. Бироқ, кейинроқ эркак аслида осиб ўлдирилгани аниқланган, яъни ҳақиқий қотил бу ишни терговчиларни чалғитиш мақсадида уюштирган.
Бундан сўнг 16-17 апрельга ўтар кечаси Ғафуржон Ортиқов маҳалласида, яна бир эр-хотиннинг жасади зўравонлик аломатлари билан топилган.
Охирги фожиали воқеа 28-29 майга ўтар кечаси икки хил оиладан олти киши – Аҳмедовлар ва Иброҳимовлар шафқатсизларча ўлдирилган. Дастлабки маълумотларга кўра, барча қурбонлар бўғилиб ўлдирилган.
Санжидзор ва қўшни қишлоқлар аҳолиси, кетма-кет қотилликлардан сўнг қўрқувга тушган. Ҳатто баъзи маҳаллаларда хавфсизликни таъминлаш учун кўнгиллилар йиғилган.
Ҳозирча тергов органлари жараёнга ҳалақит бермаслик учун Конибодомдаги оилаларнинг ваҳший қотилликлари ҳақида батафсил маълумот бермаган.