Қорақалпоғистонда Жиноят қидирув бошқармаси ходимига 20 млн сўм пора таклиф қилган эркак ушланди
Қорақалпоғистонда Жиноят қидирув бошқармаси ходимига 20 миллион сўм пора таклиф қилган эркак қўлга олинди.
Маълум қилинишича, Хоразм вилоятида яшовчи фуқаро Ю.Р. Амударё тумани ҳудудида содир этган жиноят иши бўйича Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув бошқармаси ходими майор Б.Хўжаметовга пора таклиф қилган.
Қайд этилишича, ходим пора бериш жиноий жавобгарликни келтириб чиқаришини бир неча бор айтиб, огоҳлантиришига қарамасдан, эркак ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини судга юбормай, ижобий ҳал қилишда ёрдам беришини сўраб, эвазига 20 миллион сўм миқдордаги пулни пора тариқасида таклиф қилган. Мазкур ҳолат юзасидан майор Б.Хўжаметов вазирлик раҳбарияти номига билдирги билан мурожаат қилган.
Билдиргига асосан Ўзбекистон Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг Қорақалпоғистон бўйича бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 2022 йилнинг 28 январь куни фуқаро Ю.Р. майор Б.Хўжаметовга таклиф қилган пулни берган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани бўлими томонидан Жиноят кодексининг 211-моддаси (Пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.