Ўзбекистонда ташкилот раҳбарлари учун энергия самарадорлиги бўйича KPI жорий этилади

Президент Шавкат Мирзиёев 30 май куни иқтисодиёт тармоқларида энергия самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

Йилдан-йилга энергия ресурсларига талаб ошиб бораётган замонда улардан оқилона фойдаланиш, исрофгарчиликни камайтиришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Шу мақсадда 2024 йилда ҳудудларда электр энергияси ва табиий газни тежаш бўйича мақсадли кўрсаткичлар шакллантирилди. Бу мақсадли кўрсаткичлар ишлаб чиқаришга халал бермаган ҳолда энергия истеъмолини самарали ташкил этиш орқали муайян ҳажмларни тежашни назарда тутади.

Шунингдек, истеъмолчиларни энергия аудитидан ўтказишнинг янги тартиби жорий этилмоқда. Унга кўра, энергия аудити фақат халқаро стандартларга мувофиқ ўтказилади. Аудит асосида ташкилот ва корхоналар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва уларнинг ижроси назорат қилинади.

Бу борада шаффофликни таъминлаш учун энергия аудити хулосалари ва ундан кейин эришилган натижалар йиллик бизнес-режаларига киритилиб, кузатув кенгашида тасдиқланади.

Ҳар бир ташкилот раҳбарларига энергия самарадорлиги бўйича KPI жорий этилади.

Шунингдек, истеъмолчилар томонидан электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузганликлари учун амалдаги тарифга ўсувчи коэффициентни қўллаган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилиш, истеъмолчилар томонидан мажбурий энергия аудити ўтказиш натижасида белгиланган чора-тадбирларни муддатида бажарилмаслиги, ушбу чора-тадбирлар бажарилишидан иқтисод қилиниши кутилган ёқилғи-энергетика ресурслари қиймати миқдорида жарима  қўллаш тартибини жорий қилиш масаласи ўрганилмоқда.

Яна бир таклиф – ташкилотлар, ҳудудлар ва кўчмас мулк объектлари кесимида энергия истеъмоли рейтингини жорий этиш. Бунда Энергетика вазирлиги томонидан энергия сиғими энг юқори ва энг паст бўлганларнинг «10 талиги» юритилиб, оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилади.

Тақдимотда энергияни тежаш бўйича мақсадли кўрсаткичлар ва уни амалга ошириш чоралари атрофлича муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари тақдим этилган таклифларни алоқадор вазирлик ва идоралар билан биргаликда чуқур ва пухта ишлаб чиқиш, кўрсаткичларни халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари муҳокамасига киритиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.

Шунингдек, йиғилишда жорий йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.

Президент мутасаддиларга тайёргарлик ишларини ҳозирдан бошлаш ва барча зарур чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш, жумладан, электр ва иссиқлик станциялари узлуксиз ва барқарор ишлаши учун зарур ёқилғи ресурслари, бутловчи ва эҳтиёт қисмларнинг захираларини шакллантириш, энергетика инфратузилмасини таъмирлаш ва модернизация қилиш юзасидан қатор кўрсатмалар берди.

Янгиликлар