Россия «Толибон»ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқаришни таклиф қилди

Россия Ташқи ишлар ва Адлия вазирлиги мамлакат президенти Владимир Путинга «Толибон» ҳаракати тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарилиши мумкинлиги ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда ТИВнинг (Ташқи ишлар вазирлиги) Осиё бўйича иккинчи департаменти директори Замир Кабуловга таяниб — «ТАСС» хабар бермоқда.

Кабуловни айтишича, мамлакат ташқи ишлар вазирлиги бу масалада ижобий позицияда ва толибон ҳаракати тақиқланганлар рўйхатидан чиқарилиши кераклигини таъкидлаган.

«Бусиз тан олиш ҳақида гапиришга эрта бўлади. Шунинг учун бу масала ўрганиш жараёнида. Барча мулоҳазалар Россия олий раҳбариятига билдирилган. Қарор қабул қилинишини кутмоқдамиз», — деди дипломат.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил декабрь ойи охирида Қозоғистон ҳукумати «Толибон»ни мамлакатда тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарган эди.

Янгиликлар