Бухорода ота қизининг даволаниши учун ажратилган пулларни ўзлаштириб юборгани аниқланди
Бухоро вилояти Ромитан туманида ота онкология ва гематология марказида даволанаётган қизи учун ажратилган пулларни ўзлаштириб юборгани аниқланди.
Маълум қилинишича, қизнинг онаси Ш.М.дан мурожаат келиб тушган. Унда аёл 2018 йилда туғилган қизи М.М. Республика болалар онкология ва гематологияси марказида даволанаётганини, боланинг отаси Т.Ж. қизини даволатишдан бош тортиб, моддий таъминламаслигини, аксинча боланинг даволаниши учун “Саховат ва кўмак” жамғармасидан ажратилган пулни ўзлаштирганини билдирган.
Бундан ташқари, турмуш ўртоғи унга ва фарзандига руҳий тазйиқ ўтказаётганлиги, бу эса болага салбий таъсир қилганлигини билдириб, уни ва фарзандини отасининг тазйиқларидан ҳимоя қилишда ёрдам сўраган.
Болалар омбудсманининг Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва ИИВга киритган сўровига асосан мазкур ҳолат Ғиждувон тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳамда туман ИИБ томонидан ўрганилди.
Ўрганиш натижасида фуқаро Ш.М. ва вояга етмаган М.М. га 1 ойга ҳимоя ордери расмийлаштирилиб, отанинг руҳий зўравонлик ҳаракатларига чек қўйилди.