Хитойнинг Сиянь шаҳридан Тошкент ва Самарқандга туристик поезд қатнови йўлга қўйилиши мумкин

2024 йил 7 июнь Хитойнинг Сиянь мунисипал комитети котиби ўринбосари Ли Джинг бошчилигидаги делегация ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқарув раиси ўринбосари Х.Рахметов бошчилигидаги масъул раҳбарлар ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги темир йўл ва логистика соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Сиянь провинция делегацияси маълумотига кўра, 2023 йилда Сиянь портидан 5 351 блок-поездлар ҳаракати амалга оширилган бўлиб, уларнинг 675 таси Марказий Осиё давлатларига, хусусан 50% ошиғи Ўзбекистон ҳисобига тўғри келади. Шунингдек, жорий йил сўнггига қадар «Сиянь-Жиззах» йўналишида 20 000 TEU контейнерда автомашиналар ташишлари амалга оширилиши режалаштирилган.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томони Сиянь порти орқали Ўзбекистонга ва Ўзбекистон орқали юк ташиш ҳажмларини ошириш бўйича ҳамкорликда ишлашга тайёр эканлигини билдирди. Ҳамда, мазкур «Сиянь-Ўзбекистон» йўналишидаги юкларни «Қошғар – Иркештом – Ош – Андижон» йўналиши орқали ташишни кўриб чиқиш таклиф қилинди. Ҳамда Сиянь порти вакилларига яқин кунларда ташкил этиши режалаштирилаётган CASCA+ консорциумига қўшилиш таклиф этилди.

Сиянь делегация вакиллари яқин муддатда «Сиянь – Олмаота» йўналишида туристик поезд фаолияти ташкил этилиши режалаштираётганини маълум қилдилар ҳамда кейинчалик ушбу туристик поездни Тошкент ва Самарқанд йўналишларида ҳам йўлга қўйишни режалаштираётгани маълум қилди.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Х.Рахметов Хитойнинг юқори туристик потенциали ва Ўзбекистоннинг бой тарихий меросини инобатга олган ҳолда мазкур туристик поездни йўлга қўйилиши икки давлат ўртасидаги асрлар мобайнида давом этаётган иқтисодий ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашини таъкидлаб ўтди.

Янгиликлар