Андижонда собиқ банк ходими ва тадбиркор 50 минг доллар кредитни талон-торож қилди
Андижон вилояти Избоскан туманида собиқ банк ходими ва тадбиркор 50 минг доллар кредитни ўзлаштиргани аниқланди.
Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Избоскан тумани бўлими томонидан «Туронбанк» АТБ филиалининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган. Аниқланишича, мазкур филиал бошқарувчиси собиқ ўринбосари И.К. ва тумандаги хусусий боғдорчилик хўжалиги раҳбари Х.П.лар замонавий энергия тежамкор иссиқхона қуриш учун 50 000 доллар кредит олган.
Улар маблағ эвазига иссиқхона қурмасдан, расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиш орқали талон-торож қилган. Текширув давомида етказилган зарарнинг 20 000 доллари ундирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) ва 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни қалбакилаштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.