Ўзбекистонда ободонлаштириш ишлари хусусий секторга топширилади
Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятининг иккита туманида ободонлаштириш хусусий секторга топширилади, деб хабар қилди Президент матбуот хизмати.
Ҳудудларда ободонлаштириш, тозаликни таъминлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилиниши белгиланди.
Ҳар бир вилоятдаги 2 тадан, жами 26 та туманда тажриба тарзида ободонлаштириш бошқармалари вазифалари хусусий шериклик асосида чиқинди корхоналарига ўтказилади.
Бунда, тадбиркорлар ўзига бириктирилган ҳудудда дарахт ва гуллар экиш, уларни парваришлаш, ариқларни тозалаш, кўчаларни ёритиш билан бирга чиқиндиларни олиб кетиш билан ҳам шуғулланади. Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлар тумандаги умумий ободонлаштириш билан шуғулланади ва шунга яраша ҳақ олади.
Йил якунигача янги тажрибани синовдан ўтказиб, 2025 йилдан барча туман ва шаҳарларда йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.