Эрон президенти Иброҳим Раисий авиаҳалокат оқибатида ҳалок бўлди
Эрон президенти Иброҳим Раисий 19 май куни юз берган авиаҳалокат оқибатида ҳалок бўлди. Маълумотни Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбари Ҳусайн Коливанд тасдиқлади. Меҳр ахборот агентлиги ҳам президент шаҳид кетганини эълон қилди.

Бундан олдин Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбари Пирҳусайн Коливанд давлат телевидениеси орқали қилган чиқишида қутқарувчилар ҳалокат жойида омон қолганларни топмаганини айтганди.
Эрон президенти Иброҳим Раисий, ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Эроннинг Шарқий Озарбойжон вилояти губернатори Малик Раҳматий ва Табриз вилояти имоми Али Ҳошим вертолётнинг йўловчилари бўлган.
Вертолёт якшанба куни Эрон шимоли-ғарбидаги тоғли ҳудудда, Озарбойжон ва Туркия билан чегарага яқин жойда қулаган.
Қидирув-қутқарув ишлари ноқулай об-ҳавога қарамай, тун бўйи давом этди: Эрон оммавий ахборот воситалари ҳалокат содир бўлган ҳудудда ёмғир ёғаётганини хабар қилди. Вертолётни қидиришда Эрон армияси ҳам иштирок этган.
Tasnim агентлиги хабарига кўра, ёниб кетган вертолёт маҳаллий вақт билан эрталаб соат олтиларда топилган.





