Ўзбекистонда «Ёш ватандошлар реестри» ишга туширилади
Ўзбекистонда «Ёш ватандошлар реестри» ишга туширилиши маълум қилинди.
Таъкидланишича, «Давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ёш мутахассислар ва ёш ватандошларга зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида» Ҳукумат қарори қабул қилинufy.
Қарорга мувофиқ, 2022 йил июндан хориждаги нуфузли ОТМда ўқиётган, етакчи компанияларда ишлаётган Ўзбекистон ёшлари (ёш ватандошлар)га вазирликлар, идоралар ва ташкилотларда ишлаши учун шарт-шароит яратиш мақсадида:
- ёш ватандошлар фаолияти давомида хизмат турар жойлари билан таъминланади;
- давлат органлари ва ташкилотларида камида 2 йил ишлаган ёш ватандошларга уй-жой учун ипотека кредитининг дастлабки бадали ва фоизларнинг бир қисмини қоплашга субсидия берилади.
Қайд этилишича, 2022 йил 1 июнгача «Ёш ватандошлар реестри» электрон тизими ишга туширилиб, мазкур тизим хориждаги ватандош олимлар, экспертлар ва тадқиқотчилар очиқ рўйхатдан ўтадиган платформага интеграция қилинади.
Шунингдек, ёш ватандошлар юқори лавозимларга тавсия этиб борилади. Ҳар йили 1 мартгача давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги малакали ёш мутахассислар ва ёш ватандошларни келгусида юқори лавозимга тайинлаш бўйича асосланган таклифларни Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига беради. Ҳар йили 1 апрелга қадар Агентлик давлат органлари ва ташкилотларининг таклифлари асосида ёш мутахассислар ва ёш ватандошларни келгусида юқори лавозимларга тайинлаш юзасидан тавсияларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига тақдим этади.
Бунда ёш мутахассислар ва ёш ватандошлар Агентлик томонидан уларнинг билим даражаси ҳамда раҳбарлик сифатларини баҳолаш орқали саралаб олинади ва раҳбарлик лавозимлари захирасига киритилади.