Фуқароларни хорижга ишга юборишни ваъда қилган шахслар пора билан ушланди

Самарқанд, Тошкент вилояти ҳамда Навоий ва Тошкент шаҳарларида хорижий давлатларга ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, Ургут туманида фуқаролар С.А. ва С.М. фуқаролар А.Н. ва Б.Т.нинг ишончига кириб, уларни 22 минг доллар эвазига АҚШга юборишини ваъда қилиб, олдиндан 15 400 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида фуқаро Х.И. фуқаро О.Б.нинг ишончига кириб, унга танишлари ёрдамида 2 500 доллар эвазига Литвага ишга бориши учун ҳужжатларини расмийлаштириб, виза олиб беришини айтган. Шундан 1 500 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. 

Шу билан бирга, Навоий шаҳрида фуқаролар Н.Ш. ва Н.Б. фуқаро М.С.нинг ишончига кириб, уни Жанубий Кореяга 6 ойлик мавсумий ишга юборишлари эвазига 2 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. 

Бундан ташқари, Бекобод шаҳрида фуқаро М.Ш. фуқаролар Б.Д. ва С.Д.ни Туркияга бориши учун танишлари орқали депортини ечиб, виза олиб бериши эвазига 1 000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ўзбекистон