Тошкентда Yandex Cup халқаро дастурлаш чемпионати ўтказилди
3 декабрь куни Тошкентда халқаро дастурчилар учун Yandex Cup чемпионатининг финал босқичи бўлиб ўтди. Унда дастурчилар 1,95 млрд сўмга тенг миқдордаги мукофот учун курашишди.
Жорий йилда чемпионатда қатнашиш учун 90 та мамлакатдан 20 мингдан ортиқ ариза топширилди. Финал босқичида еса 18 та давлатдан 200 та қатнашчи иштирок этди. Улар 6 йўналиш бўйича беллашдилар:
• Аналитика;
• Front-end;
• Back-end;
• Мобил дастурлаш;
• Машинали ўқитиш;
• «Алгоритм» дастурлаш.
Мен Yandex жамоасига бундай муҳим тадбирни Ўзбекистонда ўтказишга қарор қилганлари учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Биз Ўзбекистонни барча IT-мутахассислар ва компаниялар учун марказга айлантиришдан манфаатдормиз. Ўзбекистон аста-секин минтақавий IT-hub сифатида ривожланмоқда, ва биз ҳукумат томонидан бизнесингизни ривожлантириш учун зарур шароитларни яратишга тайёрмиз, — дейди Ўзбекистоннинг Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов.
Чемпионатда 2 нафар ўзбекистонлик дастурчи ҳам иштирок этди. Улардан Back-end йўналиши финалисти бўлган Акобир Абдуғаниев Yandex Cup’дан таъсирлангани ва жонли мулоқот қилиш учун катта имконият бўлганини таъкидлади. Шунингдек, чемпионат давомида Yandex’нинг фаолиятини чуқур ўрганиш ва ходимлар билан фикр алмашиш қизиқ бўлганини қўшимча қилди.
Yandex Cup чемпионатида Япония, АҚШ, Беларус, Россия, Буюк Британия ва Португалиядан келган дастурчилар ғалаба қозонди.