Украинадаги урушда Россия сафида ҳалок бўлган хорижликлар сони аниқлангани маълум қилинди

Украинадаги урушда Россия сафида ҳалок бўлган 500 дан ортиқ хорижлик аниқланган. Бу ҳақда BBC рус хизмати хабар берди.

BBC, «Медиазона» ва кўнгиллилар жамоаси Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан буён ҳалок бўлган 118 мингдан ортиқ россиялик ҳарбийлар, шунингдек, 28 давлатдан 523 нафар хорижлик шахсини аниқлади. Бу маълумотлар очиқ манбалар – ҳукумат ҳисоботлари, ижтимоий тармоқлардаги постлар ва қабристонлардаги суратлар асосида тўпланган.

Улар орасида АҚШ, Тожикистон, Ўзбекистон, Непал, Шри-Ланка, Грузия ва Африка давлатлари фуқаролари бор.

Таҳлилчилар қайд этишича, ҳалок бўлган хорижликларнинг ярми Россия колонияларидан урушга ёлланган маҳбуслар бўлиб, улар асосан «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси орқали жангга жалб қилинган.

Ўзбекистон 66 киши ва Тожикистондан 72 киши ҳалок бўлган. Уларнинг ярмидан кўпи жазони ижро этиш муассасаларидан урушга жўнатилган.

Хорижликлар орасида энг кўп қурбонлар Непал (70 киши), Тожикистон (72) ва Ўзбекистондан (66) аниқланган. Непал ҳукумати жасадларни аниқлаш учун қариндошларнинг ДНК намуналарини Россияга юборган.

Ҳалок бўлганлар орасида АҚШ фуқаролари, жумладан, Марказий разведка бошқармаси (CИА) раҳбарининг ўғли Майкл Глосс, шунингдек, Грузия, Эфиопия, Танзания, Того, Шри-Ланка фуқаролари ҳам бор.

Экспертларга кўра, мигрантлар урушда қатнашишга Россия фуқаролигини олиш, депортацияни бекор қилиш каби ваъдалар билан мажбурланган. Кўплаб ҳолларда улар таҳдид остида Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузишга мажбур бўлган.

Ушбу рўйхат Украина ёки Ғарб разведкаси маълумотларига асосланмаган бўлиб, фақат Россия расмийлари, ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва қабристонлардаги суратлар орқали тасдиқланган маълумотларни ўз ичига олади.

Шу боис ҳақиқий қурбонлар сони бундан анча кўпроқ бўлиши мумкинлиги қайд этилган.

Жаҳон