Хитойда коронавируснинг янги тури аниқланди
Хитойда глобал пандемияга сабаб бўлиши мумкин бўлган коронавируснинг янги тури аниқланди. Бу ҳақда америкалик олимларнинг тадқиқотига таяниб The Independent нашри хабар берди.
Аниқланган HKU5-CoV-2 коронавирус тури мутацияга учраб, яна бир глобал пандемияни келтириб чиқаришдан атиги бир қадам нарида тургани ҳақда экспертлар огоҳлантирмоқда.
Қайд қилинишича, янги вирус MERS-CoV (мербековирус) оиласига мансуб бўлиб, ўлим ҳолати 34% гача етадиган хавфли вируслар тоифасига киради. Вашингтон штати университети олимлари олиб борган тажрибаларга кўра, HKU5-CoV-2 инсон организмига кириш учун зарур бўлган ACE2 ҳужайраларига ёпишиш хусусиятини деярли эгаллаган.
Профессор Майкл Летко бошчилигидаги гуруҳ вирус оқсил тузилмасидаги кичик ўзгаришлар уни инсон томоғи, оғзи ва бурнидаги ҳужайраларга уланиш имконини берганини аниқлаган. Унга кўра, «HKU5’нинг одамга ўтиши учун атиги бир мутация босқичи қолган».
Вирус ҳозирча фақат кўршапалакларнинг ҳужайраларини зарарлай олмоқда, аммо маълум генетик ўзгаришлар билан инсон ҳужайраларига кириш қобилиятини намоён қилган. Тадқиқотда псевдовируслардан фойдаланилиб, HKU5’нинг ACE2 рецепторларига эга инсон ҳужайраларига кириши тажриба орқали тасдиқланган.
Ҳозирча вирус одамлар орасида тарқалгани ҳақида далиллар йўқ. Бироқ олимлар Хитойда ёввойи ҳайвонлар билан савдо қилинадиган ҳудудларда доимий назоратни тавсия қилмоқда. Сабаби — бу ҳудудлар вируснинг одамга «сакраб ўтиши» хавфини кучайтиради.