Самарқанддаги иссиқхонада 462 млн сўмлик газдан ноқонуний фойдаланилди

Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманида 462,7 млн сўмлик табиий газдан ўғринча фойдаланган иссиқхона аниқланди. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Туманнинг “Қозоқнайман” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро М.А. хонадонида иссиқхона ташкил қилиб, лойиҳа-техник ҳужжатлари расмийлаштирмасдан, газ ҳисоблагичдан ташқари табиий газ қувурига ўзбошимчалик билан уланган.

Ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, сарфланган табиий газ ҳажми қайта ҳисоб-китоб қилинди ва 462,7 миллион сўмлик зарар ҳисобланди.

Ноқонуний ҳолат бўйича барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Самарқанд