Самарқандда 1,2 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилади
Президент Шавкат Мирзиёев 30 июль куни Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ва янги режалар юзасидан ахборот билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Таъкидланишича, Самарқанд аҳоли сони ва ўсиши бўйича республикада энг йирик ҳудуд ҳисобланади. Сўнгги саккиз йилда вилоятда 1 минг 132 та кўп қаватли уй қурилиб, 56 минг оиланинг турмуш шароити яхшиланган. Мактабгача таълим қамрови 21 фоиздан 73 фоизга, олий таълимда 10 фоиздан 45 фоизга етган.
Вилоятда камбағаллик даражаси йил бошидан бери 7,5 фоиздан 6,4 фоизга камайган. Йил якунигача 150 минг одамни ишга жойлаб, 90 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсад қилинган.
Ўтган саккиз йилда ҳудудда саноат маҳсулотлари 1,7 баробар ўсиб, ҳозир 45 триллион сўмдан ошган. Лекин бу натижаларнинг 37 фоизи Самарқанд шаҳрига, 23 фоизи Жомбой, Самарқанд ва Ургут туманларига тўғри келади.
Шу билан бирга Нуробод туманида 115 гектарда махсус саноат зонаси ташкил қилиш таклиф этилиб, 472 миллион долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.
Умуман, вилоятда 1 миллиард 200 миллион долларлик 14 та янги лойиҳа шакллантирилган. Уларнинг натижасида 12 минг иш ўрни, 82 миллион долларлик экспорт имконияти очилиши кўзда тутилган, — дейилади хабарда.
Учрашув якунида президент ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Ҳар бир туман-шаҳарнинг инвестицион жозибадорлиги ва экспорт имкониятларини тенгма-тенг ошириш зарурлиги таъкидланди.




