Ўзбекистонда чиқиндиларни қайта ишлаш ҳудудлар бўйича ихтисослаштирилади
Президенти Шавкат Мирзиёев 14 август куни чиқиндиларни қайта ишлашни кенгайтириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди. Унга кўра, мамлакатнинг ҳар бир ҳудуди чиқиндиларни қайта ишлашда муайян йўналишга эга бўлади.
Тақдимотда охирги уч йилда соҳага 2 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилгани қайд этилди. Шунинг натижасида 200 га яқин санитария-тозалаш ва 290 та чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари ишга туширилди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг маълум қилишича, ушбу сохада алоҳида эътибор талаб қилувчи 15 тоифа мавжуд. Улар қаторига фармацевтика ва тиббий чиқиндилар, органик, токсик ҳамда радиоактив ифлосланиш турлари киради.
Барча 15 тоифадаги чиқиндилар ҳудудлар ўртасида тақсимланади ва ҳар бир ҳудудда уларни утилизация қилиш ҳамда қайта ишлаш усуллари тажриба тариқасида ишлаб чиқилади, — деб таъкидлади Абдуҳакимов.
Унинг сўзларига кўра, Тошкентда қурилиш чиқиндиларини қайта ишлашга 270 миллион доллар, Самарқанд вилоятида эса электрон чиқиндиларни қайта ишлашга қарийб 18,5 миллион доллар сармоя жалб этиш режалаштирилмоқда. «Аста-секин барча ҳудудлар чиқиндилар турларининг тўлиқ рўйхатини қамраб олади ва муваффақиятли амалиётлар бутун республика бўйлаб тарқатилади», деб белгилаб ўтди вазир.
Экология вазири чиқиндиларни қайта ишлаш иқтисодиётнинг даромадли ва янги иш ўринлари яратиш салоҳиятига эга соҳасига айланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Режаларда ҳар бир маҳаллада органик чиқиндиларни кейинчалик ўғит ишлаб чиқариш, биогаз олиш ва электр энергияси ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун йиғилиши белгиланди.