Абдуҳаким Ҳожибоев соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарори билан соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Ҳожибоев Абдуҳаким Мўминович Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланди.
Тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдуҳаким Ҳожибоев ўз фаолиятини оддий хирургликдан бошлаб, сўнгги йигирма йил давомида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори, Шошилинч тиббий ёрдам врачлар ассоциацияси раиси, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари ва уч бор Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.
Абдуҳаким Ҳожибоев 2003 йил «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» унвони ҳамда 2020 йил «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган.
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан Ўзбекистон Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари вазифасида ишлаб келган Иноятов Амрилло Шодиевич Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.
Тиббиёт фанлари доктори, доцент Амрилло Иноятов бундан аввал Бухоро давлат тиббиёт институти ректори лавозимида ишлаган.
Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири лавозимига Абдуҳаким Мўминович Ҳожибоев маъқулланганди. Соғлиқни сақлаш вазири лавозимида ишлаб келаётган Алишер Шодмонов Тошкент тиббиёт академияси ректори этиб тайинланди.