Алишер Шодмонов Тошкент тиббиёт академияси ректори этиб тайинланди

Вазирлар Маҳкамасининг 3 ноябрдаги қарорига кўра Алишер Шодмонов Тошкент тиббиёт академияси ректори этиб тайинланди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Бунга қадар Лазиз Тўйчиев Тиббиёт академияси ректори бўлиб, бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган эди.

Маълумот учун, Алишер Шодмонов 1962 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1985 йилда Андижон давлат тиббиёт институтини тамомлаган. Шодмонов 2009—2010 йилларда Андижон давлат тиббиёт институти ўқув ишлари бўйича проректори, 2010—2015 йилларда Андижон давлат тиббиёт институти ректори лавозимида ишлаган. У 2016—2017 йилларда Олий Мажлиснинг Қонунчилик Палатаси депутати бўлган. Алишер Шодмонов 2017 йил февралидан буён Соғлиқни сақлаш вазирлигини бошқариб келаётганди.

Аввалроқ Алишер Шодмонов Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида даволаш муолажаларини олаётгани маълум қилиниб, кейинчалик коронавирусдан буткул соғайгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар