Акмал Бурҳонов Самарқандда COVID-19’дан даволанаётганларнинг расмий статистикаси камайтириб кўрсатилаётганини айтди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов Самарқанд вилоятида коронавирусдан даволанаётган беморлар статистикаси камайтириб кўрсатилаётганини таъкидлади. У бу ҳақда 6 октябрь куни агентликда ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Акмал Бурҳоновнинг айтишича, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағларининг сарфланиши бўйича энг кўп мурожаат келиб тушаётган ҳудудлардан бири ҳисобланган Самарқанд вилоятида ўрганиш ўтказган. Бунда вилоятда коронавирус статистикаси нотўғри юритилаётгани борасидаги мурожаатлар ҳам кўриб чиқилган.
«Статистика масаласига келсак, унинг нотўғри эканини ҳамма айтяпти. 5 октябрь соат 23:30 ҳолатига кўра Самарқанд вилоятида 2160 кишида коронавирус қайд этилган, 2017 нафари соғайган. Яъни, 6 октябрь ҳолатига 143 киши касал, дейилган. Биздаги маълумотлар бўйича эса бугунги кунда Самарқандда шифохоналарда даволанаётган беморлар сони 1155 нафар. 10 баравар қисқартириб кўрсатишнинг нима кераги бор?
Бу балки коррупция эмасдир, аммо сабабини биз ўрганишимиз керак. Яна бир бор айтаман — бу Самарқанд вилояти мисолидаги ҳолат. Ҳамма вилоятларда шу аҳволлигини аниқ айта олишим мумкин», — дейди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов.
Маълумотларга кўра, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағларининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизими ҳамда Самарқанд вилоятида сарфланишини ўрганишни режалаштирган.
Мавзуга доир: Фарғонада коронавирус беморлари статистикаси яширилаётганлиги ҳақидаги хабарга изоҳ берилди
Аввалроқ коронавирусга оид ўлимлар бўйича расмий статистикада нега барча ҳолатлар акс этмаётганига изоҳ берилганди. Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқиловнинг сўзларига кўра, уйида даволанишга ҳаракат қилиб, кейин оғир аҳволда олиб келинган беморлар 1—2 кун ётиб, кейин вафот этадиган бўлса ва келган пайтда қўлида таҳлил (тест) натижаси бўлмаса, яъни клиникада таҳлил олиниб, тасдиқланмаган бўлса, улар статистикада коронавирусдан ўлган деб ҳисобланмайди, пневмония бўлиб ҳисобланади.