Андижонда 200 ўринли кўп тармоқли даволаш маркази иш бошлади (фото)
Андижон вилоятининг Андижон туманида 2 қаватли дам олиш уйлари, спорт зали, бассейн ва автотураргоҳи бўлган даволаш маркази иш бошлади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Андижон туманида 1 ва 2 қаватли дам олиш уйлари, ошхона, спорт зали, бассейн ва замонавий автотураргоҳни ўз ичига олган «Mеd city» кўп тармоқли даволаш профилактика маркази фаолият бошлади. Ушбу масканда 200 дан зиёд даволанувчилар кардиолог, невролог, гинеколог, уролог, пластик жарроҳ, косметолог, радиолог ва бошқа бир қатор малакали мутахассислар хизматидан фойдаланиши мумкин. «Mеd city» ишга туширилиши билан 100 нафар янги иш ўринлари яратилди.
Бинонинг очилиш маросимида Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов иштирок этиб, тадбиркорнинг кейинги фаолиятида омад тилади.
Эслатиб ўтамиз, Марҳамат туманида карантин даврида 482 та тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтказилган. Шаҳрихонда эса салкам 8 миллиард сўмга қурилган 240 ўринли нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилган.
Ундан ташқари, Aндижонда қиймати салкам 6 миллиард сўм бўлган бандлик бош бошқармасининг янги биноси, ҳарбий хизматчиларга 3 та 5 қаватли янги уй, Жалақудуқда 60 ўринли хусусий шифохонанинг биноси фойдаланишга топширилган.