Андижонда ўтказилаётган «Тозалаш-антитеррор» профилактик тадбирига 2693 нафар ходим жалб этилди
Ички ишлар вазирининг 15 августдаги Республика миқёсида «Тозалаш-антитеррор» махсус профилактик тадбирини ўтказиш тўғрисидаги фармойишига асосан Андижондаги тезкор тадбирга 2693 нафар ходим жалб этилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, «Тозалаш-антитеррор» махсус тезкор профилактик тадбирига ички ишлар, Миллий гвардия ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамда маҳалла раислари, шунингдек, бошқа жамоатчилик вакилларидан жами 2693 нафар ходим жалб этилган.
Вилоятдаги тезкор-криминоген вазият таҳлил қилиниб, шаҳар-туманлардаги мавжуд 882 та маҳалла тоифаларга ажратилди. Профилактик ишлар дастлаб тезкор-криминоген вазияти оғир ҳудудлардан бошланди. Тадбир давомида вилоятда 330 мингдан зиёд объект тўлиқ текширилиб, далолатномалар расмийлаштирилди.
Аниқ яшаш жойи ва машғулот турига эга бўлмаган 26 нафар шахслар Реабилитация этиш марказига жўнатилди. 78 нафар назоратсиз ва қаровсиз юрган шахс эса вилоят ИИБ вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди. Бундан ташқари, жами 87 нафар муқаддам судланган шахслар маъмурий назоратга олинди.
Маъмурий назорат қоидаларини бузгани учун МЖтКнинг 206-моддасига асосан жами 11 нафар маъмурий назоратда турган шахсга нисбатан маъмурий чора кўрилди. Пробация хизмати ҳисобида туриб, жазодан қасддан бўйин товлагани учун 6 нафар маҳкумнинг жазо тури озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди. 9 110 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Тадбир давомида фуқаролар томонидан топиб олинган жами 9 та ов қуроли ва 108 дона ўқ-дорилар ихтиёрий равишда ички ишлар органларига топширилди. Аввал содир этилиб, очилмай қолган жами 6 та жиноят фош этилишига эришилди. Гиёҳвандлик билан боғлиқ 10 та жиноий ҳолат аниқланди. Соғлиқни сақлаш муассасалари ходимлари билан ҳамкорликда жами 144 нафар соғлиқни сақлаш ҳисобида турувчи руҳий касал, гиёҳванд ҳамда спиртли ичимликка ружу қўйган шахс даволаниш учун тиббий муассасаларга жойлаштирилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этган 817 нафар шахс ички ишлар органлари профилактик ҳисобига олиниб, уларнинг ҳар бирига жамоатчилик вакилларидан мураббийлар бириктирилди.
Жазони таъминлаш мақсадида қидирувда бўлган 9 нафар шахс ушланиб, тергов органларига топширилди. Шунингдек, бедарак йўқолган 5 нафар шахс соғ-саломат ҳолда топилиб, оила-аъзолари бағрига қайтарилди.
Тадбир давомида аҳоли хонадонлари ва бошқа объектларни марказий қўриқлаш пультига улаш бўйича тарғибот ишлари олиб борилиб, жами 107 объектлар қўриқлаш пултига уланди. Ўтказилаётган тадбирлар давомида маҳалла фуқаролар йиғинларидаги аҳоли хонадонлари ва бошқа объектларга жами 300 дан ортиқ видеокузатув камералари ўрнатилди.
Жойларда «ТИҒ» профилактик тадбири ўтказилиб, фуқаролар томонидан бемақсад олиб юрилган жами 274 та турли хилдаги тиғли предметлар олинди.
Маълумот учун, ҳозирда вилоят ҳудуди бўйлаб «Тозалаш-антитеррор» махсус тезкор профилактик тадбири давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Самарқандда ўтган 6 ой давомида 14 миллиард сўмлик зарарлар ундирилган. Аввалроқ терговчиларнинг 447 та ноқонуний қарори бекор қилиниб, 41 миллиард сўмлик моддий зарар ундирилгани ҳақида хабар берилган эди.