Андижондаги меҳнат ярмаркасида 64 нафар фуқаро доимий иш жойига эга бўлди
Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида 3 сентябрь, пайшанба куни аҳолининг фойдали ижтимоий меҳнат билан банд бўлмаган қисмини иш билан таъминлаш юзасидан меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи online» хабар берди.
Хабарда айтилишича, мехнат ярмаркасида 58 та корхона ва ташкилотлар ўзларидаги 94 та бўш иш ўрни билан иштирок этган.
«Коллежни тамомлаганимдан кейин ўқишни олий таълим муассасасида давом эттиришга қарор қилдим. Афсуски, уч йиллик уринишларим зое кетди. Шунинг учун меҳнат ярмаркасига ўзимга муносиб иш топиш мақсадида ташриф буюрдим. Натижада доимий иш жойига эга бўлдим. Бундан буён тумандаги ип йигирув корхонасида фаолият юритаман», — дейди Қўрғонтепа туманидаги «Савой» МФЙда истиқомат қилувчи Санобархон Сатторова.
Тадбир давомида 64 нафар фуқаролар доимий иш жойига эга бўлган бўлса, 6 нафар фуқаро 3 ойлик касб-ҳунар мактабига йўналтирилган. Шунингдек, меҳнат ярмаркаси давомида хорижда меҳнат қилишни ихтиёр этганлар ёки хориждан қайтганлар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилганлар учун ҳам иш ўринлари тақдим этилган.
Аввалроқ Когонда 50 дан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлиги таъминлангани ҳақида хабар берилганди.