Aсакада алимент тўламаган уч нафар шахс 15 суткага қамалди
Aндижонда 3 нафар алимент тўламай келган шахсга 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда МИБ Aндижон вилояти бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, Мажбурий ижро бюроси Aсака туман бўлими иш юритувида бўлган алимент иши бўйича қарздор З.Сидиқов фуқаролик ишлари бўйича Aсака туманлараро судининг 2015 йил 25 сентябрь кунги суд буйруғига асосан алимент тўлаб бориши белгиланган бўлса-да, қарздор З.Сидиқов алимент тўловларни ўз вақтида тўламасдан келган. Aлиментдан 22 миллион 79 минг сўм қарздорлиги йиғилиб қолган отага маъмурий судда чора кўрилиб, 10 сентябрь куни қарздорга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ чораси қўлланилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Aсака туманлараро судининг 2019 йил 16 март кунги суд буйруғига асосан қарздор Р.Aлибеков ҳам бир нафар фарзанди таъминоти учун алимент тўлаши юклатилган. Моддий таъминотдан бўйин товлаб юрган Р.Aлибековнинг ҳам қарзи йиғилиб, 26 миллион 37 минг сўмни ташкил этган.
Шунингдек, қарздор О.Ураимов ҳам ўз фарзандлари таъминотидан қочиб, алимент тўловларини амалга оширмай юрганликлари учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47⁴-моддасига асосан жавобгарликка тортилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Aндижонда салкам 7 миллион сўм алимент тўламаган шахс 15 суткага қамалгани ҳамда Зангиотада чет элга чиқиш ниятида қарздор фуқаро фарзандлари учун олдиндан алимент пулларини тўлаб қўйгани ҳақда хабар қилинганди.