Асакада врачлар ҚВП биноси битса ҳам, шароити оғир мактаб биносида беморларни даволаётгани рад этилди
Андижон вилояти Асака туманида тиббиёт ходимлари Қишлоқ врачлик пункти биноси таъмирланганига қарамасдан, ҳамон 39-мактаб биносида ишлаётгани рад этилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, фуқаролардан «Андижон вилояти Асака тумани «Чек» МФЙда жойлашган ҚВП битирилганига қарамасдан, врачлар ҳамон мактаб биносида беморларга хизмат кўрсатмоқда. Мактаб биносида шароит йўқ. Туман ҳокимлиги ҚВП биноси 10 сентябрга қадар битказилишини маълум қилган эди» мазмунидаги мурожаат келиб тушган.
Қайд этилишича, Асака тумани «Чек» маҳалласида жойлашган туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги «Чек» ҚВП биносини 2019 йил маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан реконструкция қилиш режалаштирилган.
Хабарга кўра, «Хўжаролойиҳа» масъулияти чекланган жамияти томонидан 2 миллиард сўмга лойиҳа смета ҳужжатлари тайёрланиб, экспертизага берилган. Кейинчалик ҳужжатлар асосида пудратчи «Миллий қурилиш» МЧЖ томонидан мавжуд биноларни реконструкция қилиш ва 300 квадрат майдонга эга бўлган қўшимча янги бино қуриб, 2020 йилнинг 10 сентябрга қуриб битказиш белгиланган.
Аммо бинодаги пардозлаш ишлари якунига етмаганлиги сабабли фойдаланишга топшириш муддати кечиктирилган ва 2020 йил 10 октябрь куни фойдаланишга топширилган. Хабарга кўра, «Чек» ҚВП ходимлари бинода қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилаётган вақтда мазкур МФЙда жойлашга 39-мактаб биносида ишлаган. Бироқ ҳозирда ходимлар пардозлаш ишлари якунланган бинода фаолият кўрсатаётгани қайд этилган.
Бундан аввал Андижонда 6 та эгизак чақалоқ туғилгани ҳақидаги хабар ва Пахтаободдаги корхонанинг аҳолига ажратилган газ ҳисобидан оҳак ишлаб чиқараётгани рад этилгани ҳақида хабар қилинган эди.
Шунингдек, Избоскандаги тиббиёт муассасасида COVID-19‘га чалинган ходимлар ишлаётгани ҳамда Избосканда ўқувчилар маҳалла фуқаролар йиғинининг совуқ ва зах хоналарида таълим олаётгани рад этилгани маълум қилинганди.