Белгиланган муддатда хонадонларни топширмаган қурилиш компанияларидан истеъмолчиларга 6,7 млрд сўм қайтарилади

Рақобат қўмитаси томонидан 5 та қурилиш компаниясига 6,7 млрд сўмлик пул маблағларини истеъмолчиларга қайтариши юзасидан тегишли таъсир чоралари қўлланилди.

Жумладан, қўмитанинг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларда, хонадон харид қилиш бўйича тузилган шартнома талабларига мувофиқ ўз вақтида тўловларни амалга оширган бўлишларига қарамасдан, айрим тадбиркорлик субъектлари (қурувчи ташкилотлар) томонидан белгиланган муддатларда хонадонларни топшириш мажбуриятлари бажарилмаётгани таъкидланган.

Натижада, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қурилиш соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатлари бўйича суд органларига жами 32 нафар истеъмолчи манфаатида 11 млрд сўмдан ортиқ маблағни ундириш ҳақида даъво аризалари киритилган.

Олиб борилган ишлар натижасида «GLAMUR GOLD», «TRANSPORT FREE GROUP», «LUCKY TECHNICAL», «BROCCOLI PLUS», «NUR» МЧЖларга нисбатан 16 нафар истеъмолчи фойдасига жами 6,7 млрд сўм миқдоридаги маблағни қайтариш тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарорлари қабул қилинди, — дейилади хабарда.

Маълумот учун Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни 19-моддасига мувофиқ, ижрочи томонидан шартномада ёки белгиланган қоидаларда кўрсатилган муддат, ҳажм ва сифат талабларига қатъий риоя этилган ҳолда ишларни бажариши ёки хизматларни кўрсатиши шартдир.

 

Янгиликлар