Бош прокурор Урганчдаги марказий деҳқон бозорда карантин қоидаларига риоя қилинмаётганига гувоҳ бўлди
Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги марказий деҳқон бозорида бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Урганч шаҳридаги марказий деҳқон бозорида бўлган Бош прокурор бозорда коронавирус инфекцияси муносабати билан жорий этилган карантин қоидаларига риоя қилинмаганига гувоҳ бўлган. Қайд этилишича, бозорда турғун савдо растларида сотувчи ва харидор ўртасида полиэтилен ҳимоя тўсиғи ўрнатилмаган. Бозор маъмурияти карантин қоидаларига риоя қилиш чораларини кўрмаган.
Бундан ташқари, гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган савдо расталари, бу маҳсулотларни сақлаш камералари санитария-эпидемиология талабларига мутлақо жавоб бермайдиган ҳолатда бўлган. Бозорда сотувчи ва харидорларга гигиенанинг ҳатто бирламчи қоидаларига риоя этиш учун зарур шароитлар яратилмаган.
Маълум бўлишича, Бош прокурор Урганч шаҳар ҳокими ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарларига бир ҳафта муддатда бозордаги вазиятни амалдаги қонун ва қоидаларга мослаштириш бўйича қатъий талаб қўйган. Тошкент шаҳридаги бозорларни ўрганиб, тажриба алмашиш ҳақида кўрсатмалар берилган. Шунингдек, бозордаги нарх-навонинг барқарорлигини таъминлаш, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи асоссиз ошишига йўл қўймаслик борасидаги вазифалар ва уларни рўёбга чиқаришга масъул бўлганларнинг жавобгарлиги яна бир бор эслатиб ўтилган.
Аввалроқ Қўштепа тумани ҳокими «Деҳқон бозори»даги нархлари билан танишгани, Шуҳрат Абдураҳмонов Андижон шаҳар Марказий деҳқон бозорини кўздан кечиргани ҳақида хабар қилинганди.