Бухорода салкам 115 миллион сўмлик товарни Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирмоқчи бўлган чет эл фуқароси ушланди (видeo)

Бухоро вилояти Олот туманида юк автомашинасида 115 миллион сўмлик моддий товарни ноқонуний равишда Ўзбекистонга олиб кирмоқчи бўлгган чет эл фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда «Zamon» информацион-таҳлиилий дастурида хабар берилди.

Таъкидланишича, вилоят божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида хориждан кириб келган юк машинаси тўхтатилиб, инспекцион кўрик мажмуаси орқали кўздан кечирилган. Шундан сўнг унда ортилган юклар билан юк ҳужжатида кўрсатилган юклар ўртасида фарқ юзага келганлиги аниқланган.

Қайд этилишича, юк автомашинасида кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган умумий қиймати салкам 115 миллион сўмлик, шундан 85 миллион сўмлик аёллар кийими ҳамда 30 миллион сўмлик матолар борлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Бухорога 139 дона кучли таъсир қилувчи дорини Тошкентдан олиб келаётган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар