Бухорода 4 та ҳудудда математика фанига ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди

Бухоро вилоят ҳокимининг 6 июлдаги 277-сонли қарорига асосан Бухоро вилоятидаги 4 та ҳудудда математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, ушбу мактаблар Когон шаҳридаги 17-ихтисослаштирилган, Жондор туманидаги 49-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби, Олот туманидаги 17 ҳамда Пешку туманидаги 31-умумий ўрта таълим мактаблари негизида ташкил этилган.

Ушбу мактаблар белгиланган тартибда туман (шаҳар)лар ҳокимлари томонидан оталиққа олиниб, айни пайтда уларни янги ўқув йилига тайёрлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали кадрлар билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Президентнинг 12 августида «Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 14 та таянч ихтисослаштирилган мактаби, туман (шаҳар)ларда кимё ва биология фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган 150 та мактаб ташкил этилиши кўзда тутилган.

Қайд этилишича, янги ўқув йилидан Бухоро вилоятида ҳам кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 3 та мактаб ўз фаолиятини бошлайди. Aйни пайтда мазкур мақомга эга бўлган Ромитан туманидаги 11, Қоракўл туманидаги 43 ва Жондор туманидаги 2-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларида тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Наманганда 4,5 миллиард сўм эвазига 250 ўринга мўлжалланган хусусий мактаб қуриб битказилгани ҳамда Ўзбекистонда кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 14 та таянч мактаблар ташкил этилиши ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар