Бухорода 660 та оилага мўлжалланган 22 та кўп қаватли уй қурилмоқда. Шундан 64 таси оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилаларга берилади
Бухорода аҳолини имтиёзли кредит линиялари асосида арзон уй-жой билан таъминлаш мақсадида 22 та беш ва етти қаватли, жами 660 та оилага мўлжалланган замонавий турар жой объекти қурилмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур хонадонларнинг 474 таси уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар учун, яна 52 таси меҳнат мигрантларига, 10 таси ёш оилаларга, 64 таси оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, боқувчисидан айрилган оилалар, якка-ёлғиз аёлларга, 60 таси мудофаа ва ички ишлар органлари хизматчиларига ажратилган.
Шунингдек, вилоятда 2020 йилга мўлжаллаб тасдиқланган давлат дастурларига мувофиқ жами 239 та объектда, жумладан, 20 та умумтаълим мактаби, 30 та мактабгача таълим муассасаси, 17 та соғлиқни сақлаш, 2 та олий таълим институти биноси, 3 та спорт-соғломлаштириш объекти ва ўнга яқин бошқа объект, 40 та ирригация ва мелиорация иншоотини янгидан қуриш, таъмирлаш ишлари бошланган.
Шу билан бирга, аҳолини имтиёзли кредит линиялари асосида арзон уй-жой билан таъминлаш мақсадида 22 та беш ва етти қаватли, жами 660 та оилага мўлжалланган замонавий турар жой объекти қурилмоқда.
Бундан ташқари, Президентнинг «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Бухорода янги тартиб бўйича хусусий тадбиркорлар томонидан 1050 та хонадонига эга кўп қаватли уйлар қурилиши белгиланган. Мазкур квартираларнинг 770 таси уй-жойга муҳтож оилаларга давлат томонидан ажратиладиган субсидиялар орқали берилади.
Шунингдек, вилоятдаги 7,4 километр табиий газ қувурини реконструкция қилиш, 7262 дона газ маромлаш пунктини техник тафтишдан ўтказиш, 447 километр табиий газ қувурини босим остида синаш ва ҳаво босими ёрдамида тозалаш, 71 та газ маромлаш пунктини капитал таъмирлаш ишлари бошланган. Натижада суюлтирилган газ истеъмолчилари ва ижтимоий соҳа объектларига 25 833 тонна суюлтирилган газ етказилиши таъминланади.
Бундан ташқари, йил давомида умумфойдаланувдаги ва ички хўжалик авто йўлларини таъмирлаш учун жами 321 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиши кутилмоқда. Бунинг ҳисобига 645 километр йўл таъмирланади ва 210 минг тонна асфальт қопламаси ётқизилади.
Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида вилоятда 1290 та объектда мавсумга тайёргарлик ишлари амалга оширилади. Бу 533 та умуматаълим мактаби, 408 та мактабгача таълим муассасаси, 313 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 36 та касб-ҳунар таълими муассасасидир.
Аҳоли турар жойларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида вилоятдаги 1743 та кўп қаватли уйда таъмирлаш ишлари олиб борилади. Жумладан, 271 та кўп хонадонли уйларни таъмирлаш учун 32,2 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ҳисобидан кўп қаватли уйларнинг 53,9 минг квадрат метр том қисми, 480 та кириш йўлаги, 89 та уйнинг фасад қисмини таъмирлаш, кўп қаватли уйларнинг 254 та кириш йўлакларига темир эшик ва кодли қулфларни ўрнатиш ишларига киришилган. Худди шундай, 503 та ички муҳандислик-коммуникация тармоқларини тартибга келтириш, 35,8 минг квадрат метр тротуарларни бетон қоришмаси билан қоплаш ишлари пудрат корхоналари томонидан амалга оширилади.
Бугунги кунда айни талаблар доирасида 35 та кўп қаватли уйнинг том қисми ва 24 та кўп қаватли уйнинг фасад қисми, 52 та кўп қаватли уйнинг 104 та электр тақсимловчи шитлари таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, 8 та кўп қаватли уйнинг кириш йўлакларига 16 та темир эшик ўрнатилди ва 52 та кўп қаватли уйнинг 156 та кириш йўлаги бетонланди.
Таъкидлаш жоиз, 2020 йилда давлат бюджетининг 1,4 триллион сўми ҳамда халқаро молия институтларининг 144,6 миллион АҚШ доллари маблағи жойларда муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш, реконструкция қилишга ажратилган.
Аввалроқ Самарқанддаги 77 та кўп қаватли уйни куз-қиш мавсумига тайёрлаш учун 3 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Бухорода 271 та кўп хонадонли уйларни таъмирлаш учун 32,2 миллиард сўм ажратилгани маълум қилинган.