Бухорода битмаган уйида чайла қуриб яшаётган аёлга ёрдам берилди
Бухоро тумани «Лоша» МФЙ Фошун қишлоғида яшаётган аёлга уй қурилиши учун матераиллар берилди. Бу ҳақда Миллий гвардия Бухоро вилояти бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, ушбу аёлнинг турмуш ўртоғи бир неча йиллар олдин Россияга ишлашга кетиб, қайтиб келмаган. Aёл бир неча йил давомида ижарада турган, ўз она уйида яшаган. Бироқ молиявий муаммолар ва низолар сабаб у ерларда яшаб қололмаган. Турмуш ўртоғи қуришни бошлаган, аммо битказмаган уйда чайла қуриб яшаб келган.
Қайд этилишича, аёлга уй қурилишига етарли даражада пишиқ ғишт ва бошқа қурилиш материаллари етказилди. Шунингдек, 1,5 миллион сўм ёрдам пули берилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда бошпанасиз қолган бухоролик аёлга ёрдам берилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Бухорода 3 минг қути бепул дори-дармон аҳолига етказиб берилгани маълум қилинганди.