Бухорода «Samarkand Half Marathon» хайрия марафони бўлиб ўтди
Самарқандда 1 ноябрь, якшанба куни иккинчи марта ташкил этилган анъанавий «Samarkand Half Marathon» хайрия марафони Бухоро вилоятида ҳам ўтказилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, хайрия марафони «Ёшлар маркази» биноси олдидан бошланиб, шаҳарнинг тарихий қисми бўйлаб Aрк қўрғонига қадар масофада ташкил этилган. Марафонда 3000 га яқин иштирокчи қатнашиб, 3 километр масофани босиб ўтган. Марафондан сўнг иштирокчилар финиш — Aрк қўрғони ёнида бадантарбия машғулотларини бажарган.
Ушбу хайрия марафони вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ўтказилиб, унда жами 5000 дан ортиқ иштирокчи қатнашган. «Самарқанд ярим марафони»дан тушган маблағлар аутизм билан касалланган болалар саломатлигини тиклашга йўналтирилади.
Шу ўринда, аутизмга чалинган инсонларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Мовий нур тарат» акцияси доирасида 1 ноябрь куни соат 17:00 дан бошлаб «Пойи Калон» мажмуаси мовий рангда ёритилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда ярим марафон хайрия мусобақаси ўтказилиши, Aзиз Aбдуҳакимов Самарқанд ярим марафони виртуал шаклда вилоятлар ўртасида ўтказилишини маълум қилгани ва «Самарқанд ярим марафони хайрия миссиясига айланиши ҳақида ҳабар қилинганди.