Бухорода тадбиркордан фирибгарлик йўли билан 600 минг сўм пора олган мансабдор шахс қўлга олинди (видео)

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси Бухоро вилояти Олот тумани бўлими раиси вазифасини бажарувчи шахс тадбиркордан 600 минг сўм пора олаётганида қўлга тушди. Бу ҳақда Бухоро вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Мансабдор шахс «Express savdo plus» хусусий корхонаси раҳбарини тиббий ниқобсиз ва ижтимоий масофага риоя этмасдан фаолият юритаётганини аниқлаб, ҳолат юзасидан маълумотнома ёзган. Сўнг тадбиркордан ушбу маълумотномани тегишли идораларга бермаслиги эвазига 600 минг сўм пора талаб қилган.

Департамент ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Олот тумани бўлими ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ўтказилган тезкор тадбирда тадбиркордан кимёвий ишлов берилган 600 минг сўм пулни олаётган вақтда фирибгар жиноят устида қўлга олинди.

Ҳолат юзасидан тегишли тартибда Жиноят кодексининг тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилди.

Аввалроқ Фарғонада ҳоким қарори бўйича суд ишини ҳал қилиб беришини айтиб, тадбиркордан 500 доллар пул олган адлия ходими қўлга олингани хабар қилинган эди. 

Янгиликлар