Булоқбошида 2020 йилда 12 минг тоннадан ортиқ пахта ҳосили олиш режалаштирилган (фото)

Андижон вилояти Булоқбоши туманида вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув ҳўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Р.Исматуллаев ҳамда туман ҳокими Ў.Маъмуров бошчилигида пахта мавсуми олдидан ишлар кўздан кечирилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Булоқбоши тумани матбуот хизмати

Фото: Булоқбоши тумани матбуот хизмати

Хабарга кўра, 2020 йилда «Хўжаобод Файз-М» МЧЖ пахта тўқимачилик кластер корхонаси билан 100 нафар фермер хўжаликлари ўртасида 9700 тонна пахта хом ашёсини етказиб бериш юзасидан контрактация шартномалар тузилган. Туманнинг ўртача ҳосилдорлиги 34,3 центнерни ташкил этади. Пахта ҳосилини қисқа муддатларда нест-нобуд қилмай йиғиб олиш учун ташкилотларнинг биринчи раҳбарлари ёки маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларидан иборат 39 та пахта отрядлари шакллантирилди.

Фото: Булоқбоши тумани матбуот хизмати

Қайд этилишича, туманда 9700 тонна пахта хом ашёсини йиғиш учун жами 7100 нафар теримчи жалб этилди. Улар 37 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўнгилли, лаёқатли уюшмаган аҳолидан 3190 нафар, қолган 3910 нафари фермер хўжалиги аъзоларидан иборат. Пахта йиғим-терими учун 14 200 дона фартук, 120 дона тиркама ёпқич, 39 дона самовар, 39 дона қозон, 39 дона тарози, 2 дона сув баки талаби борлиги аниқланди. Барча теримчиларнинг мавсум давомида кунлик иссиқ овқатлари учун талаб қилинадиган 2,9 тонна гуруч, 4,4 тонна макарон, 3,6 тонна пахта ёғи, 1,5 тонна сабзавот маҳсулотлари, 2,1 тонна картошка хамда 6,1 тонна гўшт маҳсулотларининг ҳисоб-китоби қилиниб, захира фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан яратилди. Пахта ҳосилини йиғиб олиш бўйича ташкил этилган отрядларга 52 та транспорт тракторлари, 120 та тиркамалар бириктирилди.

Фото: Булоқбоши тумани матбуот хизмати

Пахтани қисқа муддатларда сифатли териб олиш мақсадида кунлик терим графиклари ишлаб чиқилди ҳамда хар бир отряд раҳбарига вазифа ва топшириқлар белгилаб берилди. Бу йил пахта нормасини 2454 тонна ортиғи билан бажариб, 9700 тонна ўрнига 12 154 тонна пахта хом ашёсини топшириш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган ҳокими Хайрулло Бозоров Уйчи туманидаги янги ғўза навлари синови билан танишгани ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар