Булоқбошида 35 нафар мактаб битирувчисига тикув машинаси ва бошқа ускуналар берилди
Андижон вилояти Булоқбоши туманида 35 нафар мактаб битирувчисига ҳунар билан шуғулланиши учун асбоб-ускуналар берилди. Бу ҳақда Булоқбоши туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Булоқбоши тумани ҳокими ўринбосари ва туман халқ таълими бўлими мудири иштирокида 2019/2020 ўқув йилида 11-синфни тамомлаган 1-сектор худудидаги битирувчиларнинг 35 нафарига амалий ёрдам бериш ва уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ўзларининг қизиқишларини инобатга олган ҳолда 24 та тикув машинаси, 3 та дори сепиш ускунаси, 3 та электр печ, 2 та пайвандлаш ускунаси, 1 та компьютер, 1 та ўт ўриш ва 1 та ёғоч кесиш ускуналари берилди.
Туман ҳокими ўринбосари ҳамда халқ таълими бўлими мудири ёшлар бандлиги бўйича яратиб берилаётган бир қатор имтиёз ва имкониятлар ҳақида ҳам сўзлаб, ёшларни келгуси ишларида омад тилади.
Аввалроқ Шаҳрихондаги касб-ҳунар ўргатиш марказида 110 кишини 8 та ҳунарга ўқитиш йўлга қўйилгани, тумандаги 8 нафар мактаб битирувчисига тикув машинаси берилгани хабар қилинган эди.