Шаҳрихонда 8 нафар мактаб битирувчисига тикув машиналари топширилди (фото)
Aндижон вилояти Шаҳрихон туманида 8 нафар хотин-қизга имтиёзли кредит асосида тикув машиналари топширилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2 сентябрь куни вилоят прокуратураси ташаббуси билан Шаҳрихон туманидаги Чўжа қишлоғида жойлашган 1-сон касб-ҳунар мактабида хотин-қизлар ва ёшлар вакиллари билан учрашув ўтказилган. Унда вилоят прокурорининг ўринбосари Бахтиёр Худойбердиев, туман ҳокими Ҳикматилло Дадахонов, барча секторлар раҳбарлари ва туман Халқ қабулхонаси иштирок этган.
Қайд этилишича, учрашувда 33 нафар аёл ўзларини қийнаётган муаммоларни ҳал этишга амалий ёрдам сўраган. Мурожаатлари асосида 6 нафар аёлга хонадонида парваришлаш учун қуён ва парранда берилган ҳамда 2 нафар мурожаатчи шу жойнинг ўзида иш билан таъминланган. Бундан ташқари, 1 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси топширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мактаб битирувчиларига Олтинкўлда 5 миллион сўмдан, Aндижон шаҳрида 5 миллион сўмдан кредит маблағлари, Избосканда кредит сертификатлари ҳамда Булоқбошида 50 нафар мактаб битиручисига 5 турдаги ускунлар топширилгани ҳақида хабар берилди.
Шунингдек, Хўжаободда 25 нафар мактаб битирувчисига тикув машиналари топширилгани маълум қилинди.