Андижонда яна 14 нафар мактаб битирувчисига 5 млн сўмдан кредит ажратилди
Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов шаҳардаги яна 14 нафар мактаб битирувчисига 5 миллион сўмдан кредит берди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 22 август куни вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Андижон шаҳридаги 30-умумтаълим мактабига борди. Муассасада янги ўқув йилига тайёргарлик кўрилиши бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
Ҳоким муассасада берилган топшириқлар асосида олиб борилаётган амалий ишларни 24 август куни кўздан кечирди. Бундан ташқари, мазкур мактабни тамомлаб, касб-ҳунар эгаллаган 11-синф битирувчиларининг 14 нафарига тадбиркорликни ривожлантириш учун 5 миллион сўмдан кредит маблағларини топширди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Aндижонда 35 нафар мактаб битирувчисига 157 миллион сўм кредит берилиши ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Избосканда мактаб битирувчиларига кредит сертификатлари топширилгани маълум қилинди.
Шунингдек, Булоқбошида ҳоким томонидан бандликни таъминлаш мақсадида 50 нафар битирувчига 5 турдаги ускуналар топширилганди.