Чортоқда каналга ағдарилган «Cobalt» ҳайдовчиси машинадан отилиб чиқиб ҳалок бўлди
Наманган вилояти Чортоқ туманида «Cobalt» автомобили каналга ағдарилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Чортоқ туманида 10 сентябрь, пайшанба куни кескин бурилишда «Cobalt» автомашинасининг ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, автомобиль бир неча марта ағдарилган ва яқин атрофдаги Наманган каналига тушиб кетган. Aвтомобиль ағдарилган вақтдаги куч ҳайдовчини машинадан улоқтириб юборган ва у воқеа жойида вафот этган.
Шунингдек, машина салонида яна бир нафар аёл киши бўлган. У эса аллақачон сув остида қолган машинадан хавфсиз чиқиб кетишга муваффақ бўлган. Бир неча дақиқадан сўнг воқеа жойига Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари етиб келиб, тегишли амалий чоралар кўрилган.
Жабрланувчи касалхонага етказилган. Машина эса махсус техникалар ёрдамида каналдан олиб чиқилган.
Аввалроқ Самарқандда «Афросиёб» тезюрар поезди 3 та чорва ҳайвонини босиб кетгани, Риштонда «Damas» велосипедчини уриб юбориши оқибатида велосипед ҳайдовчиси ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.