ДХХ уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига алоқадор 18 кишини қўлга олди. Улардан 3,2 млрд сўмлик гиёҳванд моддалар мусодара қилинган

Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда олиб борган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Тошкент шаҳри, Фарғона, Наманган ва Самарқанд вилоятларида яшовчи 18 нафар шахсдан иборат уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Хабарда айтилишича, гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатларига киритилган дорилар савдоси билан шуғулланувчи мазкур гуруҳ аъзоларидан «қора бозор» нархида умумий қиймати 3,2 миллиард сўмдан зиёд бўлган 28 560 дона «Трамадол» таблеткаси, 7000 дона «Тропикамид» флакони, 35 700 дона «Лирика», 3920 дона «Регапен» ва 5600 дона «Перге» капсулалари мусодара қилинди. Шунингдек, 4300 АҚШ доллари процессуал тарзда расмийлаштириб олинди.

Жиноят қуроли сифатида 1 та «Malibu», 3 та «Lacetti» ва 1 та «Nexia» автомашинаси олиб қўйилди.

Гуруҳ аъзолари 1977—1994 йиллар оралиғида туғилган фуқаролар бўлиб, улардан 2 нафари аёллар ҳамда 5 нафари муқаддам судланган шахслар.

Таъкидлаш лозимки, ушбу дори воситалари асосан Қирғизистондан контрабанда йўли билан Ўзбекистонга олиб кирилган.

Ҳозирда Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ ДХХ Қашқадарёда «Жиҳодчилар» гуруҳи фаолиятига чек қўйгани хабар қилинган эди. Андижонда ҳам «Жиҳодчилар» гуруҳига қўшилиб қолган йигит ушланган. Сурхондарёда «Жиҳодчилар» гуруҳи аъзолари қўлга олинган.

Янгиликлар