Эркин Турдимов: «Уйда ўтириб олиб, шифокорларга тош отманг!» (видео)

Самарқандда вилоят эпидемияга қарши курашиш фавқулодда комиссиясининг 17 август куни навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими Эркин Турдимов тиббиёт соҳасида катта ўзгариш бўлганини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳамширалар ва даволовчи врачларнинг барчасида тажрибаси ортган. Ана шу тажриба ва чет элдан келган шифокорларнинг кўмаги натижасида вазият анча яхшиланган.

«Аввал врачлар ҳам коронавирус юқтириб олишдан қўрқарди. Ҳозир эса шифохоналарга раҳбарлар ҳам кира бошлаяпти. Шахсан ўзим ҳам яқинда вилоят даволаш ва тақсимлаш марказига кириб чиқдим, касаллар билан мулоқотда бўлдим», — дейди Эркинжон Турдимов.

Йиғилишда ҳоким коронавирусга қарши курашаётган барча тиббиёт ходимларига миннатдорчилик билдирди. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда тиббиёт ходимлари ҳақида салбий фикр ёзаётганларни танқид қилди.

«Керак бўлса, ўзингиз келинг. Даволаш ва тақсимлаш марказига киритамиз, маслаҳатларингизни берасиз. Иссиқ уйда ўтириб, шифокорларга тош отманг! Тиббиёт ходимлари ичида ҳар замонда касбига садоқатсиз кишининг учраши бу барча шифокорлар садоқатсиз дегани эмас!» — дейди вилоят ҳокими.

Аввалроқ Самарқанд ҳокими ҳимоя кийимида махсус шифохонадаги шароитни ўргангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар