Фарғона ҳокими кореялик инвесторлар билан 885 млн долларлик келишув имзолади
Фарғона ҳокими жанубий кореялик инвестор ва тадбиркорлар билан 885 миллион долларлик келишув имзолади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, июль ойида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев бошчилигидаги делегация Жанубий Кореяда бўлиб, 885 миллион долларлик 8 та келишувга эришган.
Келишувга кўра, Фарғона шаҳрида Корея—Ўзбекистон бизнес ассоциациясининг ваколатхонасини ташкил қилиш белгиланган бўлиб, ваколатхонанинг Корея томонидан вакили сифатида Корея ҳудудий иссиқлик таъминоти корпорацияси (KDHC) собиқ директор ўринбосари Бенжамин Вон тайинланди.
Шунингдек, Бенжамин Вон Фарғона вилояти ҳокимининг ташқи иқтисодий алоқалар бўйича маслаҳатчиси сифатида ҳам фаолият юритиб келяпти.
Аввалроқ Жанубий Кореяда ўзбек мигрантларига ёрдам бериш масаласи муҳокама этилгани, Шавкат Мирзиёев йил охирига қадар Жанубий Кореяга ташриф буюриши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.