Жанубий Кореяда ўзбек мигрантларига ёрдам бериш масаласи муҳокама этилди

Сеулда 31 июль куни Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси ходимлари Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати раҳбари Ким Донг Ман билан учрашди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати

Хабарда айтилишича, учрашув давомида икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида маълумотлар алмашилган ва пандемия шароитида ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг муаммолари муҳокама қилинган. Хусусан, Жанубий Корея томонига мигрантларни меҳнат фаолиятини давом эттириш учун Ўзбекистондан Жанубий Кореяга қайтаришдаги қийинчиликлар ҳақида маълумот берилган.

Музокаралар якунида Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати раҳбарияти меҳнат мигрантлари билан боғлиқ муаммоларни имкон қадар тезроқ ҳал қилиш учун барча имкониятларни ишга солишини таъкидлаган. Ушбу йўналишда яқин ҳамкорликни давом эттириш юзасидан келишувга эришилган.

Aввалроқ хорижда меҳнат фаолияти вақтида оғир тан жароҳати олган Ўзбекистон фуқароси мамлакатга бепул олиб келиниши ҳамда Москвада ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини тиббий қўллаб-қувватлаш дастури бошлангани ҳақида хабар берилганди.