Фарғонада халқ таълим бўлими мудирларига хизмат автомашиналари берилади

Фарғона вилоятида Халқ депутатлари вилоят кенгашининг йигирманчи сессиясида халқ таълими бўлими мудирларига хизмат автомашинаси ва ҳокимликлар маъмурий биносидан хизмат хоналари ажратиш масаласи кўрилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, сессияда вилоятдаги халқ таълими бўлими мудирларига ҳокимларнинг таълим соҳаси бўйича маслаҳатчиси мақоми берилаётгани айтилган. Уларга маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан хизмат автомашинаси, бундан ташқари, ҳокимликлар маъмурий биносидан хизмат хоналари ажратилади.

Шунингдек, сессияда Президентининг «Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони лойиҳаси муҳокамаси бўйича вилоятда амалга оширилиши керак бўлган вазифалар белгилаб олинган.

Фото: Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Сессияда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Долимов, Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азиз Абдуллаев, Фарғона давлат университети ректори Равшан Мақсудовнинг маърузаси тингланган. Кун тартибидаги масала бўйича музокараларда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Маҳмуд Парпиев сўзга чиққан.

Аввалроқ Булоқбоши ҳокими пахта режасини биринчи бажарган фермерга «Nexia 3» Наманган вилояти ҳокими  эса қурилиш бош бошқармасига «Damas» совға қилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Наманганда ҳокимликлар маслаҳатчи ва матбуот котибларига хизмат автомобиллари топширилгани маълум қилинган.

Янгиликлар