Фарғонада ўқитувчилар учун малака тоифа имтиҳонлари бошланди
Фарғонада 21 сентябрдан халқ таълим тизимидаги ўқитувчиларга малака тоифа имтиҳонлари бошланди. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, имтиҳон Фарғона давлат университетининг ўқув биносидан ажратилган аудиторияларда ва Политехника институтининг кутубхона биносида ўтказиляпти. Синовларнинг дастлабки кунида математика ва информатика фанларидан тест синовлари ўтказилади.
Имтиҳон топширувчи ўқитувчилар сони жами 9058 нафарни ташкил қилади. Улардан 38 нафари олий тоифага, 1747 нафари биринчи тоифага, 4494 нафари иккинчи тоифага, 2779 нафари эса мутахассис педагогдан иккинчи малака тоифасига даъвогар.
Маълумот ўрнида, имтиҳонга қадар таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан http://test.tdi.uz манзили орқали малака тоифа олиш учун номзод педагогларга онлайн-репетитция тест синовлари ўтказилган. Онлайн-репититция давомида ўқитувчилар тест дастурларига кириш, ундан фойдаланиш ҳамда тест саволлари билан боғлиқ бўлган саволга жавоб олишган.
Аввалроқ Андижонда ўқитувчиларни қайта тайёрлаш курслари онлайн шаклда ташкил этилиши мумкинлиги, Фарғонада давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази иш бошлагани ҳақида хабар қилинганди.