Андижонда ўқитувчиларни қайта тайёрлаш курслари онлайн шаклда ташкил этилиши мумкин

АОКА ҳузуридаги штабда 20 август, пайшанба куни Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда фуқаролардан келиб тушган бир қатор саволларга жавоб берилган.

Кадр: YouTube

Хусусан, брифинг давомида фуқаролардан Андижон вилоятида қайта тайёрлаш курсларига онлайн қабул ташкил этиш борасида савол келиб тушган.

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати сўзларига кўра ҳозирда қайта тайёрлаш йўналишлари Вазирлар Махкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси экспертизасидан ўтказилиб, қайта кўриб чиқилган. Унга кўра вазирликнинг тегишли буйруғига асосан республиканинг барча ҳудудларида қайта тайёрлаш курсларига ходимларнинг хужжатлари қабул қилиниб ўқитилиши белгиланган.

«Мазкур буйруққа асосан қайта тайёрлаш курсларини ишдан ажралмаган ҳолда (онлайн ва масофавий) ташкил этилиши назарда тутилган. Онлайн ёки масофавий шаклдаги қайта тайёрлаш курсларида ўқиш учун Андижон вилояти малака ошириш ҳудудий маркази ёки Абдулла Авлоний номидаги малака ошириш институтига мурожаат қилишингиз мумкин», — деди Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова.

Аввалроқ Наманганда ўқитувчилар маошидан мактаб чиқимига пул йиғилаётгани ҳақидаги хабар рад этилгани ва Жондордаги 21-мактаб ўқитувчилари мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани тўғрисидаги хабарга расмий муносабат билдирилгани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Ўзбекистонда давлат мактаблари ва боғчаларининг очилишига тайёргарлик кўрилаётганлиги маълум қилинганди.

Янгиликлар