Фарғонада қарздорнинг гаровга қўйилган «Captiva»си хатловга олинди
Мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар бўлими қарздорнинг гаровга қўйган «Captiva»сини хатловга олди. Бу ҳақда МИБ вилоят бошқармаси «Tez News»га маълум қилди.
Хабарга кўра, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди 2020 йил 4 сентябрда «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ Фарғона вилояти филиали фойдасига «Selena travel» МЧЖ ва қўшимча жавобгар Ш.Жўрабоев, А.Мадалиевалардан 665 781 550 сўм кредит маблағини ундириш билан боғлиқ қарор чиқарган. Мазкур ижро ҳужжати бўйича олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари жараёнида Ш.Жўрабоевнинг номига расмийлаштирилган 468,1 млн сўмлик юк автомашинаси ҳамда А.Мадалиева номига расмийлаштирилган «Captiva» русумли автомашинаси қаерда эканлиги аниқланмаганлиги сабабли қидирув эълон қилинган. «Selena travel» МЧЖ томонидан банкдан кредит олиш жараёнида гаровга қўйилган ушбу транспорт воситалари анча вақт топилмасдан келинган.
Таъкидланишича, 2020 йил 8 октябрда давлат ижрочисининг А.Мадалиеванинг уйига ташрифи кутилмаган бўлган ҳамда гаровга қўйилган ва суд ижро варақасида кўрсатилган «Captiva» автомашинаси хонадонда турганлиги аниқланиб, хатлаб олинган. Келгусида автомашина сотилиб кредит қарздорлигини бартараф этишга йўналтирилади.
Аввалроқ Наманган шаҳрида 3 та МЧЖнинг қарздорлиги сабаб 300 миллион сўмдан ортиқ мол-мулки хатлангани, Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг «Equinox» автомашинаси салкам 350 миллион сўм қарздорлиги сабаб хатлангани хабар қилинган эди.