Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг «Equinox» автомобили салкам 350 млн сўм қарздорлик сабаб хатланди

Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг «Equinox» автомашинаси салкам 350 миллион сўм қарздорлик сабаб хатланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Xabar.uz»

Маълум қилинишича, Андижон туманлараро иқтисодий суди ижро ҳужжатининг 29 сентябрь, сешанба кунги қарорига асосан Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонасидан «Tembet invest group» масъулияти чекланган жамият фойдасига жами 348 миллион 159 минг 817 сўм ундириш белгиланган.

Қайд этилишича, Мажбурий ижро бюроси Андижон шаҳар бўлими давлат ижрочилари томонидан қарздор корхона бир неча маротаба огоҳлантирилган. Аммо қарздорлик ёпилмагач, МИБ томонидан корхонага тегишли «Equinox» русумли автомашинани хатлаб қўйилган.

Таъкидланишича, агар суд ҳужжати қаноатлантирилмаса, корхонанаинг автомашинаси онлайн савдога қўйилади ҳамда сотувдан тушадиган пул маблағлари ҳақдорга берилади.

Бундан аввал Иштихонда қарийб 111 миллион сўмлик ва Жомбойда 200 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Тойлоқ тумани халқ таълими бўлимидан салкам 70 миллион сўм солиқ қарздорлиги ундирилгани ҳамда Андижон шаҳрида банкдан фуқаро фойдасига салкам 69 миллион сўм ундириб берилгани маълум қилинди.

Янгиликлар